ноябр 24, 2020 14:44 Asia/Tashkent
  • Шифокор: Коронавирус совуқда ўзини қандай тутади?

Ҳаво ҳарорати паст бўлса, вирус уйқуга кетади, лекин ўлмайди. Иссиқ организмга тушиши билан ҳаёт фаолиятини давом эттиради.

Қиш яқин, қор, ҳаво ҳарорати минус даражага тушмоқда. Бундай ҳавода коронавирус тарқалиши кучаядими? - деган саволга Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб берди

- Ҳавога ажралган вирус ёзги кунда 3 соат туриши тасдиқланган бўлса, бугунги совуқ кунларда у кўпроқ, яъни 5-6 соатгача сақланади. 

Ҳаво ҳарорати паст бўлса, вирус уйқуга кетади, лекин ўлмайди. Иссиқ организмга тушиши билан ҳаёт фаолиятини давом эттиради.  

Коронавирус ҳаво ҳароратининг ўта юқори бўлишида, яъни 70 даражадан юқори ҳароратда сувда қайнатилса, 5-15 дақиқада нобуд бўлиши кузатилган.

Коронавирус ҳаво томчи, фекал-орал ва контакт йўллари билан юқади. Демак, иссиқроқ кунларга нисбатан совуқ кунларда бундай муҳитда вирус сақланиши узоқроқ бўлади. Бу эса инсон организмига тушиши имкониятини кучайтиради.

Бундан келиб чиқадики, агарда Сиз одам гавжум жойларга борсангиз ва у ерда ниқоб, қўлқоп каби ҳимоя воситаларидан фойдаланмасангиз, масофа сақланмаса ҳамда қўлларгатез-тез ишлов берилмаса, коронавирус организмга тушиши аниқ ва айниқса одамлар кўп жойларда касалланиш жуда ҳам юқори бўлади.

Масофани сақланг, доимий равишда қўлларни совунлаб ювинг ёки антисептиклар билан ишлов беринг. Уйга қайтганда эса, ташқарида кийилган устки кийимларни дахлизда қолдиринг, уйда биринчи қўлларни узоқ муддат совунлаб ювинг, юзни, кўзларни, томоқларни ва бурунларни иссиқроқ сувда камида 3 марта чайиб ташланг.

Шу тариқа уйингизга вирусни олиб киришдан сақланасиз,- дейди шифокор.

 

Ёрлиқ