Январ 07, 2021 12:07 Asia/Tashkent
  • Олимлар ҳар куни истеъмол қилиш учун зарарли бўлган 7 маҳсулотни маълум қилишди

Тўғри овқатланиш нафақат кўринишингизга, балки саломатлик — юрак қон-томир, ҳазм тизими, иммунитет, шунингдек, метаболизмда ҳам ижобий ўзгариш бўлишига олиб келади. Бунинг учун рациондан ўрин олган маҳсулотларга эътиборли бўлиш, туз ва шакарга бой бўлган егуликлардан иложи борича воз кечиш керак.

Крестгулли сабзавотлар

Антиоксидантларга бой ва фойдали бўлган гулкарам, брокколи сингари сабзавотлар рациондан ўрин олиши кераклигига шубҳа йўқ, аммо ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш гипотиреоз — қалқонсимон без гормонларининг камайиб кетишига олиб келишини унутмаслик керак. Агар сиз карам ейишдан воз кеча олмасангиз, унда уни товада бироз қовуринг ёки бошқа маҳсулотлар билан қўшиб таом тайёрлашга ҳаракат қилинг.

Тунец балиқлари

Тунец симобга бой эканлиги учун ҳам уни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ушбу модданинг организмда тўпланиши ҳамда болалар, ҳомиладор аёлларга ёмон таъсир қилиши, шунингдек, катталарда юрак хуружига сабаб бўлиши мумкин. Шу сабаб ҳам мутахассислар ушбу балиқ маҳсулотининг енгилроқ вариантини танлаш ҳамда ҳафтада бир мартадан кўп истеъмол қилмасликни тавсия қилади. Оқсилга бойлиги сабаб тунец истеъмолидан буткул воз кечиш ярамайди, шунчаки меъёрга амал қилиш керак.

Мевали смузи

Мевалардан тайёрланадиган смузининг саломатликка фойдаси бор ва семиртирмайдигандек туйилиши мумкин, аммо ҳар доим ҳам эмас. Гап шундаки, ушбу маҳсулотда шакар миқдори кўп бўлади. Агар мазали ва тетиклаштирадиган смузидан воз кеча олмасангиз, уни сабзавотлисига алмаштириш тавсия қилинади. Бу кундалик истеъмол қилинадиган шакар миқдорини камайтиришга ёрдам беради.

Қуритилган мевалар

Қуритилган мевалар истеъмолидан кейин киши энергияга тўлишига шубҳа йўқ, аммо уни истеъмол қилишда бир нарсани ёдда тутиш керак: қуритилган меваларда барра ҳолдагисидан кўпроқ шакар бўлади. Вазн ташламоқчи бўлганларга ушбу маҳсулотдан тийилиш, ҳафтада икки марта оз-оздан истеъмол қилиш тавсия қилинади.

Мюсли ва бошоқли ўсимликлар

Ушбу маҳсулотлар ҳам шакарнинг кони эканини ёддан чиқармаслик керак. Гап шундаки, ёрма ҳолига келгунича қайта ишланган маҳсулот аввалгидек бўлмайди ва натижада сиз қайта ишланган, фойдасиз углеводларни истеъмол қиласиз.

Консерваланган помидор ва томат пастаси

Барча консерваланган маҳсулотларнинг банкасида, таркибида синтетик эстроген бисфенол-А бўлган смола қолдиқлари бўлиши мумкин. Олимлар аллақачон смоланинг бир қанча — репродуктив тизим, юрак касалликлари, қандли диабет ва вазн тўплашга олиб келиши мумкинлигини аниқлаган. Томатнинг кислотаси юқори экани сабабли эса ундан таом тайёрлашда фойдаланиш овқат таркибида бисфенол пайдо бўлишига олиб келади. Унутманг, синтетик эстроген саломатликка салбий таъсир қилади.

Гуручли крекерлар ва кулча нон

Кун давомида очлик ҳиссини туйган тақдирингизда ҳам бир неча ўрам крекер ва кулча нон истеъмол қилиш тавсия қилинмайди. Ушбу маҳсулотлар ҳеч қандай витамин ва минералларга бой эмас. Тозаланган углевод ва туз ва ифор таратувчи моддалар билан бойитилган егулик саломатлигингизда муаммо кўпайишига сабаб бўлиши мумкин.

Ёрлиқ