Январ 19, 2021 11:40 Asia/Tashkent
  •  Коронавирус асоратлари юзага келиш хавфи мавжудлигининг 7 аломати

Италия ва Франциялик мутахассислар магний етишмаслиги организмга коронавирус инфекцияси сингари таъсир қилиши мумкин, деган фикрга келган. Магний етишмаганида ва COVID-19’га чалинган бемор қони қуйилади ва бу билан инсульт ва инфарктнинг пайдо бўлиш хавфи ортади.

Магний ва коронавирус ўртасида қандай боғлиқлик бор?

Тадқиқот муаллифлари коронавирус ва магний етишмаслиги ҳужайраларга бирдек таъсир қилишига эътибор қаратган. Кальций алмашинувида иштирок этгани сабаб ҳам магний етишмаганда ҳужайраларда кальций миқдори кўпаяди ва баланс бузилиши аъзолар фаолиятига ҳам таъсир қилмай қолмайди. Айниқса, мия, асаб, шунингдек, жигар ва қон-томир ҳужайралари азият чекади.

Бундан ташқари, коронавирусга чалинган беморлар ҳужайраларида ҳам кальций миқдори кўпаяди ва бу турли даражадаги жиддий асоратларга олиб келади. Тадқиқот муаллифлари коронавирусга чалинганлик ёки даволаниш даврида магний қабул қилиш кальций балансини меъёрлаштириб, унинг алмашинувини яхшилайди деган фикрда. Ҳатто коронавирус билан касалланмаган кишилар ҳам организмда магний етишмаслигидан далолат берадиган қуйидаги аломатларга бефарқ бўлмаслиги керак.

Ширинликка мойиллик

Оғир бўлган жисмоний машқлар ёки кайфият бўлмаганда шоколад истеъмол қилишни исташ бекорга бўлмаслиги, бу магний миқдорининг кескин тушиб кетгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ширинлик ейишни доимий равишда исташ организмга магний етишмаётганининг сигнали бўлиши мумкин.

Мушаклар тортишиши ва оғриқ

Мушаклар тортишиши ва оғриқ кузатилиши магний етишмаётганининг энг кўп тарқалган симптомларидан бири. Мушаклар тортишишининг такрорланиши қанча тез кузатиладиган бўлса, магний моддаси шунча кўп етишмаётганини билдиради.

Уйқусизлик

Мияни тинчлантириш магнийга хос хусусиятлардан бири ҳисобланади. У етишмаганида жиззакилик, стресс бўлади ва уйқу ҳам меъёрида бўлмайди. Қолаверса, магний етишмаганда безовта оёқлар синдроми ҳам кузатилади ва бунда оёқ учида томир тортишиши кузатилади. Бунда киши тиниқиб ухлай олмайди.

Жиғилдон қайнаши

Ҳазм жараёнига ҳам ёрдам бергани сабаб ушбу модда етишмаганида таом ҳазм бўлмайди ва жиғилдон қайнаши кузатилади. Агар бу ҳолат сизга бегона бўлмаса ҳамда такрорланиб турадиган бўлса, магний миқдорини текширтириб кўринг.

Апатия ва тез ғазабланиш

Асаб тизимининг меъёрда ишлаши учун ҳам магний ўта муҳим ҳисобланади ва у етишмаганида апатия, яъни — лоқайдлик, ҳафсаласизлик ҳамда қизиқишнинг йўқолиши, тез стрессга тушиш каби ҳолатлар кузатилади.

Қабзият

Магнийнинг ошқозон ичак трактидаги роли ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Қабзиятнинг пайдо бўлишига турли сабаблар бўлишига қарамай, ич қотиши билан бирга юқорида таъкидланган симптомлар кузатиладиган бўлса, магний миқдорини текширтириб кўриш тавсия қилинади.

Мигрен

Магний етишмаганда, шунингдек, қон томирларнинг тез-тез кенгайиши ва торайиши кузатилади. Бу эса бошнинг маълум бир қисмида қаттиқ бош оғриғи келиб чиқишига олиб келади. Мигрен мунтазам равишда невролог назоратида бўлиш керак бўлган ҳолат, шунга қарамай оғриқлар пайдо бўлганига кўп бўлмаган бўлса, магний миқдорини текширтириб кўриш тавсия қилинади.

Ёрлиқ