Январ 20, 2021 12:55 Asia/Tashkent
  • К витаминининг организм ва саломатликка фойдаси

К витамини А, C ва E витаминларига қараганда унча машҳур эмаслигига қарамай, саломатлик учун бошқалардан кам бўлмаган фойдали ва муҳим саналади.

К витамини ҳақида

К витамин организм учун зарур бўлган озуқа моддаси ҳисобланади. У суякларни мустаҳкамлайди, кальций ва бошқа муҳим моддаларнинг ишлаб чиқарилишини жадаллаштиради ва қоннинг ивиш жараёнида ҳам муҳим роль ўйнайди. Ушбу витаминнинг икки хил К1 ва К2 тури бор. Биринчиси ўсимлик иккинчиси эса ҳайвон маҳсулотларида бўлади.

Нима учун фойдали?

Юрак касалликлари ривожланишининг олдини олади

Кальций суяклар учун муҳим қон томирлар учун эмас. К2 витамини артерияларда кальций тўпланишининг олдини олади ва бу орқали юрак қон-томир касалликларининг келиб чиқиш хавфини камайтиради.

Тишларни ҳимоя қилади

Остеокалсин тишларни кариес ва бошқа зарарланишлардан ҳимоя қилувчи асосий ҳимоя ҳисобланади, К витамини унинг фаоллашишини таъминлайди.

Суякларни мустаҳкамлайди

Вақт ўтиши билан суяклар мўртлашиб боради, К витамин меъёрда бўлганда эса организмда кальций синтези фаол бўлади. Бунинг натижасида суяклар мустаҳкамланади ва чиқиш-синишлар хавфининг олди олинади.

Қандай маҳсулотларда К витамини бўлади?

Ушбу витаминни БФҚ, яъни биологик фаол қўшимчалар кўринишида қабул қилиш ҳам мумкин, лекин таркибида К витамини бўлган маҳсулотларни таомномага киритиш ҳам фойдадан холи эмас. К витамин ёғда эрувчан бўлгани сабаб ҳам унинг организмга сингиши учун ёғлар зарур ҳисобланади. Масалан, исмалоқ мазкур витаминга бой маҳсулот, лекин унга ёғ қўшилмаса, қанча кўп миқдорда истеъмол қилинса ҳам самара бермаслиги мумкин. Карам, брокколи, салат барги, соя, қовоқ ва қорағат сингари маҳсулотлар ҳам К витаминининг манбайи. Ушбу маҳсулотларни таркибида омега-3 ва омега-6 ёғ кислоталари бўлган маҳсулотлар билан қўшиб истеъмол қилиш керак. Уларнинг умумлашмасидан тайёрланган таом нафақат мазали, балки фойдали бўлади.

Ёрлиқ