март 04, 2021 11:13 Asia/Tashkent
  • Юрак саломатлиги учун муҳим бўлган 10 маҳсулот

Юрак билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмаслиги учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, асабийлашмаслик, жисмоний фаол бўлиш, шунингдек, рациондан ўрин олган маҳсулотларга эътиборсиз бўлмаслик керак.

Сули ёрмаси

Кунни сули ёрмасидан тайёрланган иссиқ бўтқа билан бошланг. Бундай бўтқа, Омега-3 ёғ кислоталари, фолий кислотаси ва калцийга бой бўлиш билан бирга, қондаги «ёмон холестерин»лар миқдорини камайтириш хусусиятига эга. Унинг ижобий таъсирини ошириш учун эса бир бўлак банан қўшиш тавсия қилинади.

Лосось

Лососда Омега-3 ёғ кислотаси мўл бўлади. Ушбу балиқ тури қон босимини туширади ва қон-томирларда тромб пайдо бўлишининг олдини олади. Бир ҳафтада икки порция балиқ ейиш орқали юрак хуружининг олди олинади.

Авокадо

Фойдали маҳсулотлар орасида авокадо етакчилик қилади. Юракка янада фойдали бўлиш учун ундан сендвич ёки исмалоқ қўшиб салат тайёрлаш тавсия қилинади. Авокадо «яхши» холестерин миқдорини кўпайтирувчи монотўйинган ёғларнинг кони ҳисобланади.

Зайтун ёғи

Зайтун ёғида ҳам монотўйинган ёғлар сероб бўлади. Шу сабабдан ҳам ундан таом тайёрлаб ейишга ўрганган Италия, Туркия ва Греция сингари мамлакатларда юрак хуружидан вафот этадиган кишилар сони бошқа Европа мамлакатларидан анча кам.

Ёнғоқ

Саломатлик учун фойдали бўлган ёнғоқ, Омега-3 ёғ кислоталарининг манбаси ҳисобланиб нафақат юрак, балки мия фаолиятига ҳам ижобий таъсир қилади.

Мевалар

Қулупнай, малина, қорағат сингари мевалар, юрак касалликлари ва саратоннинг олдини олиш ҳамда яллиғланишга қарши таъсир кўрсатиш хусусиятига эга.

Дуккакли маҳсулотлар

Омега-3, кальцийга бой экани сабаб ҳам дуккакли маҳсулотлар, айниқса ясмиқ, нўхат ва ловия жуда ҳам фойдали ҳисобланади.

Исмалоқ

Таркибида лютеин, фоли кислотаси, кальций ва бошқа фойдали моддалар борлиги сабаб ҳам исмалоқ салатга қўшиб ейиш учун энг яхши кўкатлардан бири сифатида тавсия этилади.

Зиғир уруғи

Ушбу маҳсулот ҳам Омега-3 ёғ кислоталарини ичига олиш бўйича чемпионлик қилади. Фойдалилик хусусиятини кўпайтириш учун эса сули ёрмасидан тайёрланган бўтқа ёки булочкага қўшиб истеъмол қилиш маслаҳат берилади.

Соя

Холестеринни камайтирадиган соя, фойдали протеинларнинг кони. Унда тўйинган ёғ миқдори унчалик кўп бўлмайди.

Ёрлиқ