апрел 19, 2021 11:54 Asia/Tashkent
  • Британияда коронавирусга чалинган эркак саратондан тузалди

Британияда онкологик касаллиги бор 61 ёшли эркак коронавирусдан тузалгач, ундаги саратоннинг барча белгилари ғойиб бўлди, деб хабар беради «Korrespondent.net».

Экспертларнинг фикрича, мазкур ҳолат жуда камёб ҳисобланади, шунингдек, тахминларга кўра, коронавирус инфекцияси бемор организмидаги саратон ҳужайраларини йўқ қилган бўлиши мумкин.

Беморга Хожкин лимфомаси ташхиси қўйилган ва кимё терапия курс белгиланган, бироқ даволаш ишлари бошланишидан олдин у коронавирусга чалингани сабаб курслардан ўта олмаган. Коронавирус бўйича салбий тест натижасини олгач, эркак онкология текширувидан ўтган ва унинг организмида саратон ҳужайралари йўқлиги аниқланган.

«Бизнингча, коронавирус ўсимтага қарши иммун жавобини қўзғатган», — дейди Корнуолл қироллик касалхонаси шифокори Сара Чаллонер.

Тахминларга кўра, эркак организмида кўплаб Т-ҳужайралар бўлган — инфекциянинг вирусли ҳужайраларини йўқ қилишга қодир оқ қон таначалари.

Бундан ташқари, тиббиёт ходимларининг таъкидлашича, айрим ҳолатларда инфекция саратонни бостириши мумкин. Бу каби ҳолат 1893 йилда қайд этилган.

Аввалроқ Германияда мия саратонига қарши вакцина синовдан ўтказилгани тўғрисида хабар берилганди.

Ёрлиқ